Tuesday, March 26, 2019

Замонавий эртак

Кўп йиғлади, аламларга тўлиб дили,
Тун қолмади, кун қолмади ёшдан омон.
Севганидан бироз бошқа экан йўли,
Йўқ, бирозмас. Фаҳш йўлига кирди жонон.
Сабабими? Сабаби кўп. Бири – эри,
Ё жамият эрни шундай войа этган.
Аввал шаръий никоҳ бўлди нари-бери,
Сўнг қишлоқда ҳар бурчакда ғийбат битган:
Эмишки, эр тўкис ҳаёт қилиб ваъда
Қизга ҳамда унинг ёлғиз онасига
Олиб кетган тўй-тамоша қилмай. Ҳа-да,
Тўй пулин қолдириб қайнонасига.
Лекин бебурд, номард бир кас чиқди эркак,
Кўп хўрлади уриб, вайсаб ёш жононни.
Гоҳ тепкилаб, гоҳо зўрлаб қилиб эрмак,
Фарзанд кўргач ҳайдаб солди у жувонни.
Уйга қайтди. Она қари, боласи ёш,
Қаердандир маблағ керак яшаш учун.
Оилада ёлғиз қиз у, йўқ елкадош,
Отасини эрта тортиб олган очун.
Ҳа, отаси, айтмабмизку у ҳақида,
Бир меҳнаткаш инсон эди уйим деган.
Иш тополмай кўп қийналиб ватанида
Бошқа қўшни давлатларда нонин терган.
Россияга кетган эди ишлайман деб,
Йиқилдими гандираклаб ҳавозадан,
Ё ғишт тушди баландроқдан шўр бошидан
Хуллас, ўлди ўша ерда оғир лат еб.
Шундай қилиб пул топмоқчи бўлди гўзал,
Ҳар тешикка ўрмалади йиғиб кучин.
Ва лек, дўстлар замонамиз хўп бемаҳал
Бундай ёшда эрсиз қолган бева учун.
Қайга борса ёпишишди этагига,
Суқланишди, бақрайишди, тортқилашди.
Тунлар зўрға дардин ютиб гўдагига
Эртак айтди: «Аждар бошин чопқилашди».
Хуллас, шундай бўлди унинг фаҳшга йўли,
Кучи етмай қолди охир эркакларга,
Ёки сабри етмай қолди коса тўлиб,
Ҳам оғир иш, ҳам зўрланиш, эрмакларга.
Ишқилибда, ҳамма ҳар хил гапни айтди,
Биров деди: «Ўл, беҳаё, беқаноат!»
Яна биров кўриб ўйга чўмган пайти
Деди: «Эссиз, шундай аёл ва латофат...»
Ғийбат бўлди, туҳмат бўлди, ҳақoрат ҳам,
Жирканишди, ачингандай бўлди кимдир.
Касбда такрор, гўзалликда танҳо санам,
Ҳар тун турфа оғушларга кирди бир-бир.
Лек, тингловчим, биласизку, кундек аён
Ҳирсга тўлган эркак каби махлуқ бўлмас -
Суръат инсон, сийрат шайтон, амал – ҳайвон,
Таҳқирлашди шундай оғир, айтиб бўлмас...
Ҳаёсизлик пардасини юзга тортиб,
Туркияга учди охир излаб имкон.
Йўқ, кўпроқ пул эмас, айтган биз имкон деб,
Одамсифат муносабат истаб жонон
Кетди у ён.
Йиғладими қарғадими,
Билиб бўлмас ҳолда қолди қари она.
Олти ёшли фарзанд эса (билмадими)
«Мошин олиб келинг» деди кўзи ёна.
Сўнг Дубайга учди, кейин Ҳиндистонга,
Ва Ҳиндистон қизга бўлди муқим макон.
«Нега?» дея савол берса у жононга
«Ҳинд аёлни қадрлайди» деди.
Ҳамма ҳайрон.
Эҳ, ожиза, эҳ, маъсума, топталган қиз,
Фоҳишалик дунёсида қадр излаб,
Қай юртларга бориб қолдинг эссиз, эссиз,
Жамиятдан кўнглинг қолиб, синиб, музлаб...
Ҳа, майли-да, энди сўзни юртга бурсак,
Оиласи омонмикан қай аҳволда.
Қари кампир қалай, гўдак қалай, билсак,
Бу эртакда уларнинг ҳам ўрни борда.
Қиздан кўра кампиршога оғир бўлди,
Эл олида юз қолмади, ор қолмади,
Барча билан алоқасин узди, сўлди,
Лекин жони метин экан, узолмади.
Фақат қишда қийналди-да кампир оз-моз,
Газ йўқ олис қишлоғида, ҳа ўлсин-а!
Яхшиямки, ток бор - ҳаёт мавжуд бироз,
Шундай олис қишлоқларда ток бўлсин-а!
Электр ҳам бир бетайин нарса аммо,
Бир ўчади, бир ёнади, бўлмас қониб.
Ҳа, майлида, шунисига шукр, Худо,
Электр печ иситади уйни, илло,
У ҳам свет ўчса ўчиб, ёнса ёниб.
Ҳаёт шундай давом этди пала-партиш,
Кўза танлаб-танлаб бир кун охир синди -
Содир бўлди кўнгилсиз ё кўнгилли иш:
Кулба ёнди, ҳар томонга олов минди.
Семиз хотин сўзлар туриб муйилишда
Оғзи тўлиб: "Кампир ўлди, гўдак ўлди,
Ё тутундан бўғилишдан, ё куйишдан,
Фоҳишани онасийди, ажаб бўлди."
Айтишича, ёнғин токли печдан чиққан,
Бирор кийим яқинида қолган чоғи.
Ё пардага тентак кампир яқин тиққан
Тунда печни. Шундан олов олган чоғи.
Хуллас, куйди, кампир, гўдак куйди гўё
Манқалдаги кўмир каби куйди бутун,
Устихонлар куйди, этлар куйди ва ё
Гуноҳ куйди, беоҳ куйди ҳаром учун.
Фаҳш йўлида ўрмалаган ҳаъмиятнинг
Бўғзидаги дарди куйди, хайфи куйди.
Ё эркаги ҳисрга ботган жамиятнинг,
Камчиликка тўлиб кетган айби куйди...
...Кўп йиғлади, аламлардан тўлиб дили,
Тун қолмади, кун қолмади ёшдан омон.
Кутганидан бироз бошқа экан йўли,
Йўқ, бирозмас. Ахир фаҳшга кирди жонон.
Кулларида эмаклади қолдиқ уйнинг,
На қарғади бирортани ва на сўкди.
Ифодасиз гардга тўлиб кетди қўйни,
Гоҳ бақириб, гоҳ инграниб кўз ёш тўкди.
Шарт турдида, гандираклаб қадам олди
Сирдарёнинг суви томон, йиғлай-йиғлай,
Кўз ёшлари оқиб дув-дув, тинмай-тинмай,
У юрган йўл ариққа айланиб қолди.
Сувга отди вужудини, ҳилпиратиб
Кўйлагининг енгларини, этагини.
Ёзилмаган сўзларимни чирқиратиб
Чўкиб ўлди, тугатганча эртагимни...
Нима дейсан? Бахтли якун? Эртакми шу?
Бўлди қил-э, турткилама биқинимдан.
Бахтли якун ясай? Сенга эрмакми бу –
Адабиёт?! Хўп-хўп, бўғма ҳалқумимдан.
...Чўкаётиб сувларнинг ҳам орасида,
Дарё-дарё кўз ёш тўкди узоқ бу ғар.
Қайнаб чиқди ёшлар ҳатто ноласидан,
Йиғлагани кетмади беиз, бесамар.
Сирдарёнинг соҳиллари ёшдан тўлди,
Тошиб кетди, сиғмай кетди ўзанига.
(Дарё номи балки шундан «Сирли» бўлди)
Ҳамма ҳайрон: «Қайдан бу сув бирданига?»
Бажаролмай қолди сувни бу оми халқ,
Охир деди бир тадбиркор: “Чораси бор,
Сирдарёни Орол томон буриш даркор!”
«Баракалла, - деди барча, - яша, сен ҳақ!»
Шундай қилиб, Орол тўлди яна қайта,
Балиқлар ҳам қайтди эски денгизига.
Кемаларда Орол халқи қўшиқ айтар:
«Бундай тўкин ҳаёт борми ер юзида».
Битта қурбон. Арзийдида, майли учта,
Ахир улар шарофати – Орол тўлди,
Оролбўйи яна такрор қайтиб кучга,
Асоратлар кетди, омон-омон бўлди,
Ҳамма ерда мусаффо, тинч осмон бўлди..
27.03.2019

No comments:

Post a Comment